Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР ХОНАДОНИДА
2020-03-08 16:36:27 258
“Қариси бор уйнинг, файзи бор”, дейди халқимиз. Чиндан ҳам кексалар ҳар оиланинг файз-у фариштаси, устуни ва фарзандлар, набиралар, қариндошлар ўртасидаги меҳр-оқибатни сақлаб тургувчи, бир-бирларига суянч бўлиб, мушкул ишларини енгиллаштиришда уларни бирлаштирувчи, жамиятнинг энг улуғ аъзолари ҳисобланишади. Улар ўз авлодларининг тинч заминда униб-ўсиб, улғайиб, ҳалол хизмат қилишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш йўлидаги заҳматли, машаққатли меҳнатларини муносиб баҳолаш, ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш ҳар қандай даврда ўзининг юқори ижобий самарасини беради.
8 март - Халқаро хотин қизлар куни байрами муносабати билан туман хокими Шуҳрат Абдусаломов, маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг кексалар масалалари бўйича ўринбосари Ўрмонжон Каримов ва бошқалар туманимиздаги 100 ёшдан ошган онахонларнинг хонадонида бўлиб, уларни байрам билан муборакбод этдилар. Улар билан дилдан суҳбат қурилди. Шарт-шароитлари ўрганилди. Юз ёш билан юзлашган Ҳамрак маҳалласилик П.Ҳайитова, турватлик Ҳ.Мирзараҳимова, Катта кўча маҳалласида яшовчи И.Ўрмонова, Қўрғонча маҳалласидан С.Ботирова ҳамда найманлик И.Душаеваларнинг ҳар бирлари қўлларини дуога очар эканлар, аввало, юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлишини тиладилар.
Дарҳақиқат, кексалар ҳар қандай даврда тарихий хотирани сақлаб, авлодларга етказишда, моддий ва маънавий ҳаёт уйғунлигини, анъана, урф-одат каби миллий қадриятларни унут бўлиб кетмаслигида давлат таянчи бўлиб келишади, десак муболаға бўлмайди.
Ишонамизки, мўътабар онахонларимиз ҳали кўп йиллар ёш авлодга ўз тажриба ва билимларини етказиб, халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги ва ватан равнақи йўлида уларга ҳам ибрат, ҳам эзгу йўл кўрсатадилар. Шунингдек, кексалари эъзозланган юрт янада равнақ топади. Зеро, ватанпарварлик, тинчликсеварлик, миллатпарварлик, меҳнатсеварлик каби аҳлоқий тамойиллар ҳамда ҳололлик, камтаринлик, ҳаёлилик сингари тарбиявий меъёрлар асосида тинчлик, вақт, ўзларига берилган имкониятларнинг қадрига етиш фазилатларини шакллантиришда нуроний отахон ва онахонларнинг ўрни беқиёсдир.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.