Shrift o'lchami Rang Rasm

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 26 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


БАРЧАМИЗ ЖИПСЛАШСАК, КОРОНАВИРУСНИ АЛБАТТА ЕНГАМИЗ

×

 2020-03-26 15:31:21    218

PDF yuklash
Chop etish


Маълумки, бугунги кунда короновирус инфекцияси дунёнинг 190 дан зиёд давлатларига тарқалиб, касалланганлар сони 537 мингдан, вафот этганлар 21 мингдан ошди. Мамлакатимизда ҳам вирус билан касалланганлар 27 март кунига келиб 88 тага етди. Афсуски, ушбу касаллик вилоятимизни ҳам четлаб ўтмади. Ҳозирги кунда вилоятда 6 нафар ҳамюртларимиз коронавирусдан азият чекмоқда. Уларнинг 5 нафари Ёзёвон туманида истиқомат қилувчи бир оила аъзолари эканлиги ташвишланарлидир. Шу кунларда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев шаҳар-туманларда бўлиб, коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда. Вилоят секторлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари иштирокида аҳоли вакиллари билан ўтказилаётган профилактик суҳбатларда бу борада мамлакатимизда жорий этилган тартиб-қоидалар тушунтириляпти. Бугунги синовли кунларда барчамиз жипслашсак, коронавирусни албатта енгишимиз таъкидланмоқда. 27 март куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевни Ёзёвон туманида учратдик. Вилоят раҳбари туманнинг чегара ҳудудида жорий этилган карантин постида вилоятимиз аҳолисига мурожаат қилди. Азиз фарғоналиклар! Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали барчамиз коронавирус пандемияси билан боғлиқ жараёнларни кузатиб бормоқдамиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва ҳукуматимиз томонидан бу офатдан халқимизни асраш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар белгиланмоқда. Шу йилнинг 26 март куни давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган навбатдаги видеселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда айни вазиятдан келиб чиққан ҳолда бир қатор устувор вазифалар белгиланди. Фидойи шифокорларимизнинг бугунги фаолияти жанг майдонидаги қаҳрамонликка тенглаштирилди. Бу соҳа ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида 5 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача бўлган мукофот пулларини бериш тартиби жорий этилди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда короновирус инфекциясига қарши курашиш фаолиятига жалб этилган ҳар бир мутахассиснинг фидойилиги қаҳрамонликдир.    Бу борада вилоятимизда ҳам 4 та сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари ҳудудларга бириктирилди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиш орқали ваҳима ва саросимага ҳожат йўқ эканлиги тушунтириляпти. Шаҳар-туманлардаги мавжуд ҳолат секторлар кесимида тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази мутахассислари, маҳаллий ҳокимликлар иштирокида ўрганиляпти. Бугунги кун ҳолатига 6 та короновирус инфекцияни юқтириш ҳолати аниқланган. Вилоятдаги 2 та санаторийда хориж давлатларидан чартер рейслари орқали олиб келинган 600 нафар Ўзбекистон фуқаролари карантин муддатини ўтамоқда. Вилоятимизда истиқомат қилувчи 1870 нафар аҳоли касалликка чалинганлар билан бирламчи ва иккиламчи алоқада бўлганликда гумон қилиниб, уларнинг 670 нафари шифохона шароитида профилактик назоратда турган бўлса, 1200 нафари уй карантинига олинган. Таъкидлаш жоизки, вилоятда вазият барқарор. Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган масофадан ишловчи махсус жиҳозланган транспорт воситалари доимий ҳаракатда. Санитария-гигиена осойишталиги бўйича тузилган тарғибот гуруҳлари ҳудудларда тушунтириш ишларини давом эттирмоқда. Халқимиз телевидение ва оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда амалга оширилаётган тарғибот ишлари туфайли коронавирус инфекцияси ва ундан ҳимояланиш борасида етарли маълумотга эга бўлмоқда. Оила аъзоларимиз, айниқса, нуронийлар ва фарзандлар учун бугун уй энг хавфсиз жой ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектлари, корхона-ташкилотлар фаолияти бир маромда давом этмоқда. Бозорларда нарх-наво ошиб кетишидан хавотирга тушишга мутлақо асос йўқ. Озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа кундалик зарурий маҳсулотлар захираси тўлиқ шакллантирилган. Қишлоқ хўжалиги юмушлари ўз муддатида бажарилиб, вилоятнинг барча ҳудудлари, хусусан, Ёзёвон туманида ҳам чигит экилмоқда, мевали боғлар барпо этиляпти.  Таълимда таътил эълон қилинган шу кунларда ота-оналар зиммаларидаги масъулиятни жиддий ҳис этишлари зарур. Бундай пайтда инсонларни эзгуликка чорловчи, эзгу фазилатларни шакллантирувчи китоб мутолааси энг яхши даво эканлигини ёдимиздан чиқармайлик. Улуғ аждодларимиз, тарихий шахслар ҳақида жуда яхши китоблар чоп этилган. Замонамиз ёзувчи-шоирларини мароқ билан ўқишга тавсия этиш мумкин бўлган асарлари жуда кўп. Куни кеча 86 ёшида вафот этган Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимовнинг айнан бугунги кун руҳиятига мос бўлган тарбиявий аҳамиятга эга шеърий мисраларини такрор ва такрор ўқиш мумкин. Бу каби синовли кунларда адабиёт ҳаёт мазмун-моҳиятини англатувчи улкан сабоқдир. Муҳтарам фарғоналиклар! Ҳозирги кунда вилоятимизда 430 минг нафардан зиёд ҳамюртларимиз пенсия ва нафақа пули олади. Ёлғиз кексалар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар давлатимизнинг алоҳида эътиборида. Ҳар бир фуқароси ҳаёти ва соғлиги учун қайғурадиган давлатимизга бугунги мушкул вазиятни енгишда камарбаста бўлишимиз лозим.  Ўз бурчини сидқидилдан бажараётган мутахассисларнинг маслаҳатларига қулоқ солайлик. Карантин тартиб-қоидаларига риоя этиб, махсус ниқобдан фойдаланайлик. Ниқоб руҳан соғлом бўлиб, вирусни енгишда кўмаклашади. Чунки касалликдан сақланишда ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Ўзимизни асраш орқали оиламиз, яқинларимиз ва жамиятимизни асраган бўламиз. Хулоса ўрнида айтиш мумкин, бугунги вазият ҳар куни, ҳар дақиқа Президентимиз ва ҳукуматимиз назоратида турибди. Мамлакатимиз бундай хавф-хатарларга қарши курашишда қудратли салоҳиятга эга. Шу боис хавотирланиш учун ҳеч бир асос йўқ! 

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати