Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Карантин даврида тадбиркорларга солиқ имтиёзлари жорий этилди
2020-04-23 19:10:48 268
Президентимиз томонидан сўнгги икки ҳафта ичида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз тараққиётига даҳлдор бўлган иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Дастлаб, жорий йилнинг 19 март куни давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга кўра, мамлакатда коронавирус тарқалишига қарши карантин муносабати билан жисмоний шахслар ва корхоналар учун солиқ юкини камайтириш бўйича бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар берилди. Биринчи тўплам имтиёзлари – жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга қаратилган.
1. 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси (223000 сўм) 50 фоизгача камайтирилди. Бу вилоятимизда фаолият юритаётган 28 мингдан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорга 17,4 млрд. сўм маблағини тежаш имкониятини беради.
2. Туман ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти тўғридан-тўғри ёки билвосита туризм соҳасига боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркор учун даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорини 30 фоизга (Мисол учун, вилоят марказларида 150 минг сўм ўрнига 105 минг сўм) камайтириш тавсия этилди.
3. Жисмоний шахсларнинг 2019 йил учун жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш муддати 2020 йил 1 августгача узайтирилди (Амалдаги тартибга кўра декларация топшириш муддати – 2020 йил 1 апрель эди). 2019 йил якунлари бўйича жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши лозим бўлган фуқаролар сони вилоятимизда 27 минг нафардан ортиқ бўлиши кутилаётганди.
4. Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача узайтирилди(Амалдаги қонунчиликка кўра, 15 апрелга қадар мазкур солиқлар тенг улушларда 50 фоизи тўланиши лозим эди). Бугунги кунда вилоят бўйича 763,7 мингта жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига ер ва мол-мулк солиқлари ҳисобланган бўлиб, тўлов муддатини узайтирилиши натижасида солиқ тўловчи жисмоний шахсларга солиқларни тўлаш имкониятлари яратилмоқда. Ҳозирда солиқ тўловларни амалга ошириш учун қулай имкониятлар ишлаб чиқилган бўлиб, тўловларни уйда туриб, “Soliq”, “Click”, “U-pay”, “Payme” ва бошқа мобил иловалардан фойдаланган ҳолда амалга оширишлари мумкин.
5. 2020 йил 1 апрелдан хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган жисмоний шахсларнинг даромадлари солиқдан озод қилинди.
Имтиёзларнинг иккинчи тўплами тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган
1. 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилди.
2. Умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилди.
3. Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди.
4. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тадбиркорлик субъектларига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш имкониятини (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этди.
5. 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлари учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималарни қўллаш тўхтатилди.
6. 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда Давлат солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пеняларни ҳисоблашни тўхтатиб туради, шунингдек солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмайди. Яна бир муҳим янгилик, юқоридаги Фармонга кўра, 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилди.
Президентимиз томонидан 3 апрель куни айни пайтдаги қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз тараққиётига даҳлдор бўлган яна бир муҳим ҳужжат – “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Мазкур Фармонга мувофиқ, яна бир қатор солиқ имтиёзлари берилди:
1. Туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилди. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган вилоятимиздаги 73 та субъект фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, йил якунига қадар 473,1 миллион сўм тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолиши кутилмоқда.
2. Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди. Бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди. Ушбу имтиёз вилоятимиздаги қарийб 8470 нафар якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади. Натижада, фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар иҳтиёрида 2,8 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
3. Ўз фаолиятини тўхтатган ёки тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни кейинчалик 12 ой давомида, ижтимоий солиқни эса кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан фоизсиз кечиктириш ҳуқуқи тақдим этилди.
4. Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилди. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, вилоятимизда жами 2114 та фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар аниқланган бўлиб, йил якунига қадар уларга нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўлланмаслиги ҳисобига мулкдорлар иҳтиёрида қарийб 52 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
5. Жорий йилнинг охирига қадар спирт, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, вино ва пиво учун акциз солиғи, шунингдек, бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғининг амалдаги ставкалари сақланиб қолинди. Жорий йилнинг 3 апрель куни имзоланган Фармонда юқоридаги солиқ имтиёзлари билан бирга яна бошқа имтиёзлар берилди, муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Президентимиз таъкидлаганларидек, тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерларимиз, корхоналар раҳбарлари берилган бу имтиёзлардан самарали фойдаланишлари керак. Синовли даврда бундай имтиёзларни беришдан мақсад жойларда ностандарт ечимларни излаб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва иш жойларини сақлаб қолиш, корхоналар фаолиятини давом эттиришдир. Мазкур мезон асосида давлат солиқ хизмати органлари ҳам иқтисодий комплекс идоралари билан ҳамкорликда иш режалари ва ишлаш услубларини қайта тузиб олдилар. Президентимиз айтганларидек, корхоналар, тадбиркорларнинг муаммосига алоҳида ёндашиб, уларни ҳал қилишда “бевосита бошқарув” режимига ўтилди. Яъни, Фарғона вилояти ДСБда малакали мутахассислардан иборат алоҳида ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир тадбиркорга индивидуал ёндашиб, уларнинг муаммосини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширила бошланди.
Шукуруллохон НИСБАТХОНОВ,
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи