Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаевнинг туман ёшларига байрам табриги
2020-06-30 18:03:58 260
Азиз ўғил-қизлар! Келажагимиз ворислари бўлган қадрли ёшлар!
Сиз, азиз ўғил-қизларни, сизларнинг тимсолингизда туманимиз аҳолсини юртимизда кенг нишонланаётган Ёшлар куни билан чин қалбимдан табриклайман.
Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз ёшлик инсон умрининг нақадар гўзал ва беғубор фасли, улкан орзу-умидлар, беқиёс имкониятлар даври эканини янада чуқур ҳис қилиб, сиз, навқирон фарзандларимизга энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Ўтган қисқа даврда жамиятимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган бу байрам давлатимиз, халқимиз ўз фарзандларининг бахти ва камоли учун ҳеч нарсани аямаслигини, мамлакатимиз ёшлари ҳам Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билишини яққол ифода этмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Маълумки, мамлакатмизда ўтган уч йилда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича 43 та қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатларни қабул қилинди. 70 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек ёшларнинг янги ташкилоти – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, юртимизда 30 июнь– Ёшлар куни деб эълон қилинди.
2019 йил 27 декабрь санаси ҳам ёшларимизда катта таассурот қолдирди. Шу куни Муҳтарам Юртбошимиз Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослашган мактабда ёшлар билан учрашди. Учрашув ведеоселектор тарзда ўтказилиб бутун республика ёшларни қамраб олди. Мазкур тарихий учрашувда давлатимиз раҳбари бугунги шиддатли ўзгаришларни ҳаммадан кўпроқ ҳис этадиган ёшларимиз замон талабларига уйғун бўлиш билан бирга, ўзлигини, миллий қадриятларини ҳам ҳеч қачон унутмаслиги алоҳида урғу берди. Шунингдек ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар, оилавий ажримларнинг сони йил сайин ортиб бораётганлигига ёшлар эътиборини қаратиб, бу борада кенг тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш учун тегишли давлат идораларига топшириқлар берди.
Сўнгги йилларда Сиз азиз ёшларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқа ёшлар масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Жумладан, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида жонбозлик кўрсатиб, мамлакатимизнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга ҳисса қўшаётган 84 нафар ёшлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди. Бу ёшлар орасида туманимиз ёшларининг ҳам борлиги биз учун шарафлидир. Фарғона Политекника институти илмий бўлим бошлиғи қўрғончалик Абдулло Ҳомидов “Келажак бунёдкори” медали билан, яна бир заркентлик ўғлонимиз Элёрбек эса фидокорона меҳнатлари учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган.
Бугун туманимиз аҳолиси 200 мингдан ортиқни ташкил этса, уларнинг қарийиб 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда. Ишонч билан айтишим мумкинки туманимиз мактаблари, касб-ҳунар коллежларида ўзининг аъло ўқиши, жамоат ишидаги фаол иштироки билан тенгдошлари ҳурматини қозонаётган, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда фаолият олиб бораётган ёшларимиз сони йил сайин ортиб бормоқда.
Албатта бугун барча соҳаларда билимли, сиёсий ва ижтимоий фаол, халқ манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган, ҳалол ва жонкуяр, ёш раҳбарларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Туманимизда ҳам дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, муаммоли вазиятларда тўғри қарорлар қабул қила оладиган ёшларни масъулиятли вазифаларга тайинлаяпмиз.
Мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида беш муҳим ташаббус илгари сурилган. Бу – ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашдек кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ўз ичига олади.
Туманимизда ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка ўргатиш, бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳар бир оила –тадбиркор”, “Хотин қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” давлат дастурлари доирасида катта ишларни амалга оширмоқдамиз.
Хусусан, йигит-қизларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кейинги икки йилда барча манбалар ҳисобидан қарийб мингга яқин ёшларга 50 миллиард сўмга яқин кредитлар ажратилди. Биргина “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури доирасида 20 миллиард сўм кредитлар илк бор тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёшларнинг 147 та лойиҳасини амалга ошириш учун йўналтирилди.
Тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун туманимиз ёшларига давлат дастури асосида 14 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб шу кунга қадар барча ёш тадбиркорларимизга кредитлар тўлиқ ажратиб берилди. Бунинг натижасида ёшлар тадбиркорлиги асосида 465 та янги иш ўринлари яратилди. Ёшларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида 11 та меҳнат гузари қуриб фойдаланишга топширилди ва 70 дан ортиқ ёшларимиз доимий иш ўрнига эга бўлдилар.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев жорий йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномада ҳам Сиз азиз ёшларга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича, ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади, келгусида, грантлар миқдорини 2 баробар кўпайтириш ва тадқиқот йўналишлари кўламини кенгайтириш, қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратилиши ҳамда мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказилишини таъкидлаб ўтди.
Юз кўзларингиздан бахтиёрлик, жўшқинлик, эртанги кунга бўлган ишонч, юксак орзулар барқ уриб турган Сиз азиз ёшларга ҳавас билан боқиб туриб истагим шуки келажакда оиласи, ота-онаси, ҳур Ватанимизни севиб ардоқлайдиган, у билан фахрланадиган, ҳамда унинг равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша оладиган баркамол инсонлар бўлиб етишишингизга ишонаман. Чунки сизлар келажаги буюк бўлган шу азиз Ватанимизнинг суянган тоғи, эртанги кунисизлар.
Бугун ҳудудимизни янада ривожлантириш учун олдимизга қўйган улкан ва масъулиятли вазифалар туманимизнинг барча фуқаролари каби сизлардан ҳам ҳар томонлама катта тайёргарлик ва сафарбарликни талаб этмоқда. Ишончим комил, сизлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини эгаллаб, ўз амалий ишларингиз, ғайрат-шижоатингиз билан жонажон Ватанимизга муносиб, садоқатли фарзандлар бўласиз.
Сизларни Ёшлар куни билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шахсий ва ижтимоий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.
Барчангизга бахт ва омад ёр бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!