Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаевнинг туманимизда Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш юзасидан фуқароларга МУРОЖААТИ
2020-07-13 18:42:06 278
Ҳурматли тумандошлар!
Жорий йилнинг 10 июль кунидан 1 август кунига қадар мамлакатимизда кучайтирилган карантин эълон қилинди. Дунёни хатарга солаётган Коронавирусга қарши курашни кучайтириш мақсадида, бу жараёнда туманимиздаги барча фуқароларимизнинг ҳушёр ҳамда зийрак бўлишга даъват этаман.
Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда коронавирус пандемияси келтириб чиқарадиган инқирозга қарши курашиш, бу офатдан ўзимиз, оиламиз ва маҳалламизни сақлаш учун қатъий чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бу борада Давлатимиз раҳбари ҳам бир неча бор халқимизга Мурожаат билан чиқди. Ҳар биримиз ҳозирга жараёнда янада жипслашиб, сабр-қаноат, қатъий интизом ва улкан масъулият билан бу масалага алоҳида эътибор қартишимиз лозим.
Президент топшириғига асосан Коронавирус инфекциясини тезроқ бартараф қилиш, карантин даврида фуқаролар хавфсизлигини ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида Тошлоқ туманида ҳам алоҳида штаб ташкил этилди.
Бугунги кунга қадар туманимизда ҳам короновирусга чалинганлик ҳолатлари кузатилди. Бу эса ҳар биримиздан янада огоҳ ва ҳушёр бўлишлигимизни, тиббиёт ходимлари томонидан билдирилаётган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этишимизни талаб этади. Бу ҳолатда туманимиздаги мутасадди ташкилотлар томонидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, белгиланган тартибда четдан кириб келган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Карантинга олинган фуқароларга барча шароитлар яратилиб, доимий тарзда шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз қатъий назорат олиб борилмоқда.
Қадрли отахонлар, онахонлар!
Сизлар ҳаётингизда кўпни кўрган, бошингиздан оғир синовларни ўтказган инсонлар сифатида бу мудҳиш касалликнинг оқибатини яхши тушуниб турибсизлар. Уй-жойларингизда, оила давраларида катта-кичик фарзандларингизга ҳам бугуннинг долзарб ва ўта масъулиятли вазифалари аҳамиятини тушунтиринг! Зарурат бўлмаганда ташқарига, кўчаларга чиқмаслик чораларини кўринг.
Азиз ўғил-қизларим, болажонларим!
Ниқобсиз юрманг, зарур иш ва юмушингиз бўлмаса, ташқарига чиқиб, хатарга йўлиқманг. Ўзингизни ва бошқа яқинларингиз ҳаётини ташвишга қўйманг. Тартиб ва интизомга бўйсунинг. Касаллик чекиниши учун ҳар томонлама курашинг!
Фуқароларимизнинг бир-бирларига қадрдонлиги, яқинлиги албатта, ўрганиб, одатга айланган қучоқ очиб сўрашиш, бағрига босиш билан белгиланмайди! Масофа сақланг, мулоқотда эҳтиёт бўлинг. Вирусни юқтириб олиш оқибатини англаб етинг!
Меҳрибон опа-сингиллар! Оила бекалари!
Ўзингизни ва фарзандларингиз эртасини ўйланг, уларни ҳимоясига отланинг! Курашчанлигингиз ва иродангиз билан бошқаларга ибрат кўрсатинг, сабрли ва қаноатли бўлинг! Хонадонларингиз саришталиги, покизалиги бугун ҳар қачонгидан ҳам зарур!
Мен барча туман аҳлини белгиланган карантин қонун-қоидаларига қатьий амал қилишлари, айниқса, қарияларимиз, ногирон ва ҳаста ҳол кишилар, ёшларни доимий уйда бўлишлари, асоссиз равишда уйдан кўчага чиқмасликлари, таътилда бўлган азиз фарзандларимизнинг тарбиясига, уларнинг шахсий гигиена қоидаларига қаътий амал қилишга чақираман. Коронавирус балосидан эҳтиёт бўлиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз эканлигини утунмайлик!
Туманимизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун шахсан ўзим бошчилигимда, барча чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматлари, солиқ инспекцияси, прокуратура, Ички ишлар бўлими, кенг жамоатчилик ва фаоллар оёққа туришган, туманимиз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, саломатликларини ҳимоя қилиш, аҳолининг озиқ-овқатдан узилишига йўл қўймаслик, қийин маиший турмуш шароитлари бўйича бутун чоралар кўрилмоқда. Ушбу мураккаб жараёнлар алоҳида назорат остида эканлигини маълум қиламан. Шу билан бирга халқимизни туманда озиқ-овқат захиралари етарли даражада мавжудлиги ва ушбу масалада бирон бир муаммо келиб чиқишига йўл қўйилмайди деб сизларни ишонтираман! Ортиқча ҳавотирга берилманг ва ташвишга тушиб, руҳингизни чўктирманг!
Ҳурматли фуқаролар!
Ҳар бирингизнинг ҳаётингиз, соғлигингиз учун шахсан Президентимиз, хукуматимиз ҳамда вилоятимиз раҳбарлари алоҳида ғамхўрликлар кўрсатмоқда. Шу билан бирга мен туманда ушбу кўрилган чоралар, албатта аҳолимизнинг саломатлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётганлигини таъкидлаш билан яна сизларни бир бор амалдаги қонун-қоидаларга, тартибларга қатъий бўйсинишга чақираман!
Дарҳақиқат, кўрилаётган мазкур зарурий ва тезкор чораларнинг барчаси ўзимизнинг соғлигимиз хавфсизлиги учун эканлигини хеч биримиз унутмаслигимиз лозим. Шундай экан азиз тумандошлар, ушбу синовли дамларда тартиб-интизомни сақлаган холда ҳаракат қилайлик. Зеро, дунёда бебаҳо саналган саломатлигимизни асраб-авайлаш ўз қўлимизда.
Ҳар биримиз карантин қоидаларига тўлиқ амал қилсак, шу оғир синов даврида ҳам ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган сабр-тоқатлилик, ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат каби қадриятларимизни бутун дунё ҳамжамияти олдида яна бир бор намойиш этсак, албатта, коронавирус балосини тез орада енгамиз.
Оғир синовларни ва машаққатли кунларни бошидан кечирган халқимиз вазиятга тўғри баҳо бериб, уларни мардонавор енгиб ўтишига ишонаман.
Сабрли ва қаноатли бўлайлик!