“2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–408-сон, 25.10.2022 й.) қабул қилинди. Ҳужжат билан 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларнинг йиғма параметрлари тасдиқланди. Унга кўра республиканинг 5284 та маҳалласида ички йўллар, ичимлик сув таъминоти, оқава сув таъминоти, электр ва газ таъминоти, таълим муассасалари, маданият, спорт ва бошқа объектларни ривожлантириш белгиланмоқда. Тошлоқ туманида ҳам жорий йилнинг ўзида дастур асосида 22 та МФЙларнинг 138.2 км йўл қисмини асфальтлаш, 17 та МФЙларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш ҳамда қишлоқларда электр энергия тармоқларини янгилаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Маҳаллаларда амалга оширилаётган лойиҳаларни аҳолига яқиндан таништириш мақсадида бугун туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Абдуқаххор Джурабаев сектор ҳудудидаги Хўжаариқ, Гузарбоши, Учолиш, Найман, Чек ҳамда Меҳнатобод МФЙларда бўлиб учрашув ўтказди. Аҳоли билан ўтказилган суҳбатда туман ҳокими Президентимиз қарорига кўра йил якунига қадар бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари тўғрисида маълумотлар бериб ўтди. Ўз навбатида фуқаролар ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари ҳамда яратилаётган шароитлардан мамнун эканликларини билдирдилар.