Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 12 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ

 2019-12-30 18:46:27    203

PDF юклаш
Чоп этиш


Байрам – халқнинг шодлик ва хурсандчилик кунидир.

     Маҳмуд Қошғарий.

Ўрта Осиё халқлари, кўпгина шарқ мамлакатларидагидек, ҳозирги кунда икки янги йилни, яъни аждодлар одати бўйича анъанавий “йил боши” – “Наврўз”ни ва Европанинг ҳамма мамлакатларида расмий қабул  қилинган 1 январни янги йилнинг кириб келиши деб байрам қиладилар.

Янги йил бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам қизиқарли ва мазмунли байрамга айланмоқда. Бу байрам турли халқларда турли вақтда нишонланишидан қатъий назар, мунтазам равишда ўтказилиб туриладиган, муайян астрономик ритмда ернинг қуёш атрофида бир марта тўлиқ айланиши, тўрт фасллик табиат йилининг яна такрорланиши кабилар билан боғлиқ. Бир йилда ер қуёш атрофида 940 миллион км йўлни босиб ўтади (Бу секундига 40 км демакдир). Ер қуёш атрофини 365 кун 5 соат 48 дақиқа, 46 сонияда айланиб чиқади. Демак, коинот ва табиат бир марта тўлиқ айланиб чиқишини нишонлайдиган сана бу – янги йил байрамидир.

Рим императори Юлий Цезарь милоддан аввалги 46-йилда мисрликлар тажрибаси асосида янги Юлиан календарини яратган. Бу календарга қуёшнинг “туғилиши”, кун- нинг узая бошлаши, қуёшнинг қиш буржидан чиқиб янги буржга кириши асос қилиб олинган. Бироқ, рим консуллари жойларга бориб, 1 январдан иш бошлаши кераклиги учун бу сана янги йил боши деб қабул қилинган.

1582 йилда Рим папаси Григорий календарни ислоҳ қилади. Чунки Юлиан календарида ҳар 128 йилда 1 кеча-кундуз йиғилиб, бу 10 кунни  ташкил этётган эди. Григорий календарни 10 кун олдинга суради. Шундан кейин турли мамлакатларда аста-секин Григорян календарига ўта бошланади. Ҳозирги даврда у дунё бўйича қабул қилинган календарь ҳисобланади.

Дунёда янги йилнинг киришини 1 январь деб қабул қилинган бўлсада, бироқ уни кутиб олиш турли мамлакатларда ҳар хил вақтга тўғри келади. Масалан, Эфиопияда янги йил сентябрнинг ўрталарида, Бирмада эса апрель ойида байрам қилинади. Индонезиянинг баъзи оролларида янги йил байрами 10 кун давом этади ва ҳар йили турли ойларда нишонланади. Ҳатто баъзи бир мамлакатларнинг ўзида янги йил турли ойларда нишонланади. Масалан, Ҳиндистоннинг жанубида янги йил март ойида, шимолида-апрель ойида, ғарбида-октябрь ойида, Керала штатида эса гоҳ июль, гоҳ августда кутилади. Кўпгина шарқ халқларида юқорида айтилганидек, баҳорнинг кириб келиш вақти- “Наврўз” 21 мартдан 22 мартга ўтар кечаси байрам қилинган, у ҳозир ҳам йил боши ҳисобланади.

Янги йилни нишонлаш турли мамлакатларда қадимдан турлича одатлар билан ўтади. Италияда янги йил кирар кун деразадан барча эски нарсаларни улоқтиришар экан. Кун чиқар мамлакат – Японияда эса, янги йил куни ярим тунда қўнғироқдан 108 марта зарб берилади. 100 ва 8 рақами Японияда бахтли ҳисобланади. Қўнғироқнинг сўнгги зарбидан кейин ҳамма ётиб ухлайди. Унинг барча шаҳар ва қишлоқларидаги аҳолиси 1 январь куни тонг отишини кўриш учун кўчаларга чиқади. Янги йил қуёш чиқиши билан кутиб олинади. Қуёшнинг биринчи нурлари ерга етганда японлар бир-бирларини янги йил билан табриклаб, ўзаро совға алмашадилар. Кечгача кўчалар одамлар билан гавжум бўлиб, қўшиқлар, турли ўйинлар ва бошқа томошалар уюштирилади. Кечки пайт японлар уй-уйларига қайтадилар ва ўз оилалари даврасида байрамни давом эттирадилар. Байрам бутун январь ойида давом этади. Янги йил японлар учун фақат байрам бўлибгина қолмай, балки туғилган кун ҳам ҳисобланади. Янги йил арафасида идишларга тоза сув тўлдирилади. Бамбук ва қарағай новдалари осиб қўйилади, гуручли шўрва, сельд балиғидан тайёрланган таомлар тортилади.

Кубада ярим тунга яқин кўзалар сувга тўлдирилади. Соат миллари 12 ни кўрсатгач, сув ерга тўкиб ташланади. Бу эски йил бахт олиб келганлигини ҳамда янги йил ҳам сувдай тиниқ ва тоза бўлиши лозимлиги маъносини англатади. Ҳар бир кубалик 12 донадан узум ейиши шарт, бу йил бўйи бахтиёр бўлайлик, деган маънони англатади. Шотландияда янги йил куни истаган киши хоҳлаган хонадонга меҳмонга кириши мумкин. Фақат бир шарти бор, у ҳам бўлса – меҳмоннинг қўлида бир бўлак кўмир бўлиши керак. Меҳмон уйга киргач, кўмирни оловга ташлайди, бу билан у, шу хонадонда узоқ вақт олов ўчмаслигининг тарафдори эканини билдиради. Корея қишлоқларида янги йил киргандан сўнг кўчаларда оммавий сайил бошланиб, қизлар ўртасида баландликка сакраш бўйича мусобақа ўтказилади.

Руминияда янги йил дастурхонига варақилар пишириб қўйилади. Одатга кўра, унинг ичига танга, узук, митти чинни, қўғирчоқ ва қалампирга ўхшаш нарса солинади. Уни еган одам ўзининг “бахт” ва “иқбол”ини синайди. Варақидан гармдори чиқиши шўр пешоналик ҳисобланар экан. Венгрияда янги йил дастурхонига парранда гўшти қўйилмайди, чунки парранда учади, оилада шу куни парранда гўшти ейиш баракани, бахтни учирар эмиш. Гвинеяда янги йилнинг биринчи куни кўчаларда филларни етаклаб юриш одати бор. Кенияда янги йилда сувда чўмиладилар, қайиқда сайр этиб, хурсандчилик қиладилар. Суданда янги йил куни одамлар бир-бирларига ёнғоқ ҳадя этадилар, бу - йил давомида бахт сизга ҳамроҳ бўлсин, деганидир.

Хитойда эса, янги йилни қадимдан “Ой календари” бўйича январь охири, февраль бошида нишонлайди. Шу куни эски удумларга асосан кишилар бир-бирига пул солинган қизил конверт совға қиладилар. Янги йилда “Йўлбарс” маросим рақси жуда тантанали ва узоқ давом этади. Вьетнамда янги йил тунда кутилади. Кеч тушиши билан вьетнамликлар боғ ва кўчаларда гулханлар ёқиб, бир нечта оила ушбу гулхан атрофида йиғилади, ҳамда турли таомлар пиширишади. Бирмада янги йил йилнинг энг иссиқ пайтида кириб келади. Шунинг учун бу байрам Бирмада Сув “фестивали” номини олган. Сув фестивалида хоҳ кичик, хоҳ катта киши бўлсин, ҳамма бир-бирига сув сепади. Бу одат бахт тилаш рамзий маъносини билдиради. Ирландияда янги йил кириб келиши олдидан кечга яқин барча хонадонлар эшиги очилади ва истаган киши исталган уйга меҳмон бўлиб кириши мумкин. Шу кеча соат 11:30 да улар ўз шаҳарларининг марказий хиёбонларига йиғилиб, қўшиқлар айтадилар, ўйнайдилар ва сайр қилади- лар.

Мўғулистонда янги йил чорвадорлик байрами билан бирга кириб келади. Улар байрамда қўй гўшти пишири- шади, чучвара тайёрлашади, уларнинг эътиқодича ким кўп овқат еса, узоқ умр кўради. Байрамда чаққонлик ва ботир- лик мусобақалари ўтказилади. Болгарияда эса, одамлар байрам дастурхонлари атрофида йиғилганларида уч дақиқа чироқ ўчириб қўйи- лади. Бу дақиқаларда барча янги йил ниятларини “кўнгилга тугади”. Қадимдан кўпгина халқлар (кўпроқ шарқда) янги йилни эрта баҳорда ёки кузда кутиб олишган. Славянларда ва бошқа христиан халқларда қишни кузатиш ва баҳорни кутиш вақтида мартда “Масленица” янги йил байрами нишонланган. Христиан дини тарқалиши билан эса у “Византия системаси” бўйича кузда, 1 сентябрда нишонланадиган бўлган. Россияда янги йилни 1 январда байрам сифатида нишонлаш илк бор Пётр I томонидан 1699 йилда жорий этилган. Пётр I янги йилни “Лотин одати бўйича” кутиш ҳақида махсус фармон бериб, унда 1 январь кирар кечаси гулханлар ёқиш, уйни яшил ўсимликлар (арча) билан безаш ҳақида, кишилар янги йил билан бир-бирини табриклашларига даъват этган. Шундай қилиб, Россияда 1700 йилдан бошлаб 1 январь янги йил байрами сифатида нишонлана бошланган. Шўролар даврида ҳам янги йил кутиб олинган бўлиб 1947 йилдан буён 1 январь - Янги йил байрами – дам олиш куни деб  эълон  қилинган. Ўрта Осиёда бу байрам ХIХ аср охирида бу ердаги Европаликлар томонидан нишонлана бошланган бўлса ҳам, бу янги байрам – Янги йил ўзбек ҳаётига ҳам ХХ асрда сингиб кетди. Ҳозир эса, 1 январь – Янги йил ўзбек халқининг ҳам энг севимли ва қувноқ байрамига айланган.

Ўзбекистонда янги йил байрами қиш чилласи ва Ялдо кечаси билан боғлиқ халқ анъаналарининг давомига айланиб кетди. Маълумки, 21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечаси энг узун тун (17 соат) содир бўлади. Қишнинг бу энг узун ва қоронғи кечасини Ялдо кечаси дейишган. Ялдо кечаларини халқимиз ҳатто зориқиб кутишган. Қиш кезлари ҳафта сайин гап-гаштак ейилган даврага тўпланганлар ширингуфторлик билан суҳбат қурганлар, сандал атрофида жам бўлиб палов ёки норин тановул қилишган. “Ялдо кеча”ларида гап-гаштак ўйнаган  хонадон соҳиби меҳмонларни тўкин дастурхон тузаб кутиб олган.  Қўй сўйилиб, тандир  нонлар ёпилган. Қишга асралган қовун-тарвузлар, узуму-анорлар омборлардан олиб чиқилиб дастурхонга пешма-пеш тортиб турилган. Халқ шу тариқа ўз байрамларини нишонлаб келган.

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.